Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil. uz. Пойтахт ҳокимлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, жорий йилда бошланғич лойиҳа сифатида чиқиндиларни сараланган ҳолда тўплаш дастлаб Тошкентнинг 24та маҳалласида, ҳар-бир туман бўйича иккита маҳаллада жорий қилинади.
Ушбу маҳаллалар аҳолисига рангли пакетлар берилади. Сариқ пакетлар – қайта ишланадиган чиқиндилар (қоғоз ва пластик), яшил пакетлар – органик чиқиндилар (озиқ-овқат қолдиқлари, барглар, ўтлар), кулранг пакетлар эса қайта ишланмайдиган чиқиндилар (оёқ кийимлари, салфеткалар, памперслар) учун мўлжалланган.
Чиқиндиларни олиб кетиш учун ҳафтасига икки маротаба рангли яшил ва кулранг-сариқ стикерларли машиналар келади (ёзда ҳафтада камида икки маротаба). Ушбу мақсадда “Махсустранс” ОТТБ грант маблағлари ҳисобидан 59 та янги махсус машиналарини харид қилган ва уларга ҳозирги кунда стикерлар ёпиштирилмоқда. Саралаган ҳолда чиқиндиларни йиғишни рағбатлантириш учун оилаларга тўлов тарифи пасайтирилади.
“Бундан ташқари, тажриба учун танланган маҳаллалар аҳолисига чиқиндиларни саралаш зарурияти ҳақидаги ахборотни етказиш тадбирлари кўриб чиқилмоқда. Мактаблар ва маҳалла қўмиталарида маърузалар, қизиқарли дарслар, концертлар ва кичик ҳашарлар ташкил этилиши кутилмоқда”, -деб қайд этмоқда пойтахт маъмурияти.
Эслатиб ўтамизки, Тошкентда тўпланадиган чиқиндилар йилдан йилга ошиб бормоқда ва тахминларга кўра, 15 йилдан кейин унинг ҳажми икки баробар ошади. Ушбу вазиятдаги ягона ечим – чиқиндиларни қайта ишлаш бўлиб, бунинг учун уни саралаш лозим. 2019 йилда Яккасарой туманидаги маҳаллалардан бирида чиқиндиларни саралаб, тўплаш бўйича биринчи лойиҳа амалга оширилди.
2022 йилгача маиший чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас