Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 5 ноябрь куни Тошкент-Сиань йўналиши бўйича амалга оширилган парвознинг 11 нафар йўловчисида COVID-19 бўйича тест натижалари мусбат чиққанлиги учун Хитойнинг фуқаролик авиацияси идораси “Uzbekistan Airways”нинг мазкур йўналиш бўйича парвозларини вақтинчалик тўхтатди.
Тошкентдан Сианьга (Шэньси провинциясининг маъмурий маркази, Шимолий-Ғарбий Хитой) бўлган HY501 сонли рейсининг қатнови 23 ноябрдан бошлаб тўрт ҳафта мобайнида тўхтатилади. Бу ҳақида Хитой фуқаро авиацияси бошқармаси (CААC) сайтида эълон қилинган баёнотда айтилган.
Эслатиб ўтамизки, CААC 4 июндан бошлаб COVID-19нинг тарқалишини олдини олиш учун халқаро йўловчи ташишни тўхтатиб туриш механизмини жорий этди.
Ушбу механизмга кўра, Хитойга ҳаво транспорти орқали келган барча йўловчиларда кетма-кет уч ҳафта давомида коронавируснинг янги туридаги нуклеин кислоталар учун таҳлиллари манфий бўлса, авиаташувчи парвозлар сонини ҳафтасига икки маротабагача амалга оширишга рухсат олади.
Агарда йўловчиларнинг COVID-19 учун таҳлиллари мусбат натижаларининг сони 5га етса, бу парвозлар бир ҳафтага тўхтатилади. Агар бундай йўловчилар сони 10тага етса, ушбу йўналишдаги рейслар тўрт ҳафтага тўхтатилади.
Шунингдек, CААC “Uzbekistan Airways” HY501 рейсининг дастлабки квоталарини бошқа йўналишларга ўтказиш ҳуқуқига эга емаслигини билдирган.
Изоҳлар мавжуд емас