Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Черногория Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқаролари учун вақтинчалик визасиз режимни расман бекор қилди. Тегишли қарор мамлакат ҳукумати томонидан виза сиёсатини Европа Иттифоқи талабларига мувофиқлаштириш доирасида қабул қилинди. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Ҳукумат расмий баёнотида қайд этилишича, визасиз режимнинг бекор қилиниши 2024-2027 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасидаги мажбуриятларни бажаришга қаратилган. Қарор бош вазир Милойко Спайич раислигида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг 98-сессиясида қабул қилинган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Черногория ўзбекистонликлар учун вақтинчалик визасиз режимни бекор қилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини мухбиримизга маълум қилди.
Вазирлик матбуот котибининг аниқлик киритишича, 2023 йилдан бошлаб республика фуқаролари тегишли ваучерга эга бўлган тақдирда 15 июндан 30 августгача туризм мавсумида ушбу мамлакатга визасиз ташриф буюришлари мумкин бўлган. Ушбу даврдан ташқари, мамлакатга кириш учун Черногориянинг Москвадаги элчихонаси орқали виза олиш керак эди.
Мамлакатлар 2006 йил декабрь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатган. Ўтган йили Ўзбекистон Черногорияга биринчи элчисини тайинлади. Ноябрь ойида Ойбек Шахавдинов Черногория президенти Яков Милатовичга ишонч ёрлиқларини топширди.

Изоҳлар мавжуд емас