Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 18 ёшли ҳимоячиси Беҳруз Каримов Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги ёрқин ўйинлари билан Европа футболи скаутлари ва инсайдерлари эътиборини тортмоқда. Англиянинг "Челси" ва Франциянинг "Страсбург" клубларига эгалик қилувчи BlueCo корпорацияси фаолиятини ёритувчи нуфузли BlueCo Xtra саҳифаси ўзбек футболчисини клуб раҳбариятига трансфер қилишни тавсия этди.
"BlueCo Беҳруз Каримовни "Страсбург" ёки "Челси" учун трансфер қилиши керак. У Ўзбекистоннинг энг катта истеъдодларидан бири. Ҳимояда жуда фаол ҳаракат қилади ва юқори савиядаги рақибларни қанотда тўхтата олади", — дейилади манба қолдирган хабарда.
Ёш ҳимоячи мундиал доирасидаги Колумбия ва Португалияга қарши баҳсларда асосий таркибда майдонга тушиб, дунё футболи юлдузлари Луис Диас ҳамда Нуно Мендешга қарши муносиб қаршилик кўрсатган. Айниқса, Колумбия билан ўйинда унинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси рақиб дарвозаси устунига тегиб қайтгани кўпчиликда катта таассурот қолдирган.
Беҳруз Каримовнинг Жаҳон чемпионатидаг тўпни олиб қўйиши 15 марта, яккакурашлари 34 марта, муваффақиятли дриблинги (алдаб ўтиш) 6 марта (бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон терма жамоасида энг яхши натижа) бўлган.
Маълумот учун, Беҳруз Каримов Тошкентдаги Республика олимпия ва паралимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси ҳисобланади. У мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоаларида тўп сурган ва 2025 йилдан буён Термизнинг "Сурхон" клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ҳозирча BlueCo Xtra нашрининг бу чиқиши расмий трансфер таклифи эмас, балки клублар раҳбариятига йўлланган кучли тавсия ҳисобланади. Шунга қарамай, Жаҳон чемпионатидаги бундай эътироф ўзбек футболи тарбияланувчиларининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.

Изоҳлар мавжуд емас