Ҳоким ўринбосари: Самарқанддаги “Ашратхона” ёдгорлиги меҳмонхона қурилиши учун испанияликларга берилмайди

20 January 2020, 15:29 33 ... Туризм
Ҳоким ўринбосари: Самарқанддаги “Ашратхона” ёдгорлиги меҳмонхона қурилиши учун испанияликларга берилмайди

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Самарқанд вилояти ҳокимининг  ўринбосари Ботиржон Нуруллаевга ҳавола қилган ҳолда  мухбиримиз  маълум қилишича, Самарқанддаги “Ашратхона” ёдгорлиги у ерда меҳмонхона қурилиши учун испанияликларга берилмайди.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ туризм соҳасининг таниқли эксперти, гид, ўлкашунос, “Виртуал Самарқанд” ва  X-places лойиҳалари асосчиси Рустам Хусанов “Ашратхона” мақбарасини меҳмонхона ташкил этиш учун "бой" испанларга топширилишига қарши чиққан эди. Куни кеча Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан испаниялик компания билан музокаралар  ўтказилган.

Нуруллоевнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида ёзилишича:  "Ашратхона” ёдгорлигини Испаниянинг Paradores компаниясига топширилиши ҳақидаги кўплаб хабар ва салбий изоҳлардан келиб чиққан ҳолда, мен Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосари сифатида расман маълум қилмоқчиман: мазкур компания билан музокаралар бевосита менинг иштирокимда ўтиб, ушбу объектни Paradores компаниясига бериш тўғрисида ҳеч қандай  гап бўлгани йўқ".

Унинг сўзларига кўра, Paradores ушбу йўналишда қатор ташкилот ва давлатлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта тажрибага эга эканлигини  ҳисобга олган ҳолда музокаралардан Самарқанднинг тарихий зонасида меҳмонхона бизнесини тўғри ривожлантириш бўйича маслаҳатлашиб олиш  мақсади кўзланган.

“Шундай қилиб, “Ашратхона” маданий мерос объекти эканлигини  боис, у ҳеч қандай инвесторга топширилмайди. Менинг таклифим “Ашратхона” ёдгорлиги ҳудудини ободонлаштириш, бинонинг ўзини эса консервация қилиб ундан фақат сайёҳлик маскани сифатида фойдаланишдан иборат "- дея якунлади ҳоким ўринбосари.  
Матнни тайёрлади:
  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Рўйхатга қайтиш