Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 28 июньдан бошлаб Ўзбекистон ва Иордания ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Янги йўналиш бўйича илк рейс 30 июнь куни Иорданиянинг миллий авиакомпанияси Royal Jordanian Airlines томонидан амалга оширилади.
Янги авиақатнов муносабати билан Амман шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Унда Иорданиянинг туризм соҳаси вакиллари, етакчи туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ҳамда авиакомпания раҳбарияти иштирок этган.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлари, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарлар бўйлаб туристик йўналишлар ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, экологик, гастрономик, тиббий, ишбилармонлик ва зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинган. Ислом цивилизацияси мероси ва хорижий зиёратчилар учун яратилган қулай шарт-шароитларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Мутахассаслар фикрича, Тошкент ва Амман ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатнов икки мамлакат ўртасидаги туризм, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.
Жадвалга кўра, RJ196 рейси 30 июнь куни Аммандан маҳаллий вақт билан соат 22:50 да парвоз қилади ва 1 июль куни Тошкент вақти билан 05:25 да пойтахтга етиб келади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август ойида Ўзбекистон ва Иордания ўртасида экстрадиция, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш, виза режими, таълим, фан ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни қамраб олган 15 та ҳужжат имзоланганди.

Изоҳлар мавжуд емас