Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда туризмни қайта тиклаш уч босқичда амалга оширилади. Дастлаб ички туризм, кейин минтақавий, ундан кейин эса - пандемия билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда кириш туризми тикланади. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Республикада туризмни қайта тиклаш борасидаги режалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов “Тикланиш йўли” халқаро онлайн туризм конференцияси давомида гапириб берди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таъкидлашича, мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) шафелигида ўтказилган.
Ўзбекистонда туризмни тиклашнинг биринчи босқичи 1 июнь куни бошланди. "Яшил" ва "сариқ" ҳудудларда ички туризм тикланмоқда. Белгиланган санитария меъёрлари ва талабларига қатъий риоя қилган ҳолда туроператорлар, туристик агентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ишлашни бошлашлари мумкин.
Абдуҳакимовнинг карантин даврида республика бўйлаб 63 фоиз туроператорлар ва 81 фоиз жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, ҳостеллар) ўз фаолиятини тўхтатган. Биринчи босқич ички туризм орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклашга бағишланади. Шунингдек, халқаро туризмни тиклашга максимал тайёр бўлиш учун ушбу босқичда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» хавфсизлик тизими жорий қилинади.
Иккинчи босқич қўшни мамлакатлар ва МДҲ давлатлари билан ташкиллаштирилган ҳудудий туризмни қайта тиклашдан иборат бўлади. Бунда туристик гуруҳларнинг бутун саёҳат давомида хавфсизлик, санитар-гигиеник талаблар ва ижтимоий масофа чораларига риоя қилиш масалаларини ишлаб чиқиш жуда муҳимдир.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ҳудудий ҳамкасбларга оператив реакция билдирувчи қўшма гуруҳни тузиш, шунингдек турли тематикадаги янги аралаш турлар: гастрономик турлар, витамин турлари, кўчманчилар турлари, мототурлар, палов турлари, археологик ҳамда туристик шаҳар ва марказлардан ўтувчи бошқа турларни ишлаб чиқишга таклиф қилди.
Бунинг учун «Silk Road Project» платформаси яратилган бўлиб, унда нафақат Ипак йўли мамлакатлари туристик салоҳияти, балки истиқболли минтақавий турмаҳсулотлар ва маршрутлар ҳам тарғиб қилинади.
Ўзбекистонда секин-асталик билан ташқи туризмнинг тикланиши учинчи босқичда кўзда тутилган. Бунда пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, фуқароларига мамлакатимизга кириш рухсат этиладиган узоқ хорижий давлатлар рўйхати тузилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси аста-секин коронавирус пандемияси инқирозидан чиқиб, туристик бозорларини очишга тайёрланаётган Европа ва Осиё мамлакатлари тажрибасини ўрганиб чиқмоқда. Бундай таҳлил якунларига кўра, Ўзбекистонга амалга ошириладиган халқаро рейсларни қайта тиклаш географиясига доир қарорлар қабул қилинади.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини ошириш масалалари билан бир қаторда янги тематик тадбирларни ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Гастрономик фестиваль ва акциялар, “Стихия” мусиқа фестивали, “Ақчакўл” пляж ўйинлари, Ҳосил фестивали, “Учинчи ёш туризми” ҳафталиги кабилар шулар жумласидандир.
Азиз Абдуҳакимов Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганлигини эслатиб ўтиб, дунёдаги вазият яхшиланиши ва халқаро туризмнинг тикланиши билан қатор тадбирлар, жумладан Иккинчи зиёрат туризм форумини ўтказилишига умид билдирди.
Унинг айтишича, ҳозирги пандемия туризм саноатига рақамлаштириш ва АТ- технологияларни жорий қилиш нақадар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга қўмита раиси конференцияда учта янги ресурсларни тақдим этди.
online.tourism.uz саёҳатчилар, тадбиркорлар ва ёш стартаперлар учун батафсил маълумотни ўз ичига олади. Пандемия муносабати билан ўз сафарини 2021 йилга режалаштирган сайёҳлар учун Online Uzbekistan ва Uzbekistan360 ресурларида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига виртуал бўйлаб саёҳатлар ташкил этилган.
“Умуман олганда, Ўзбекистон хавфсиз туризмнинг янги тизимини йўлга қўймоқда ва унинг қоидалари туризм саноатининг барча иштирокчилари учун ортиқча ташвиш уйғотмайди. Бир вақтнинг ўзида тизим туристик саёҳатларнинг барча босқичларида касалликнинг олдини олувчи аниқ ва самарали жиҳозларни таклиф этади”, -деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари.
Изоҳлар мавжуд емас