Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қатарнинг Рас-Лаффан саноат шаҳрида жойлашган суюлтирилган табиий газ (LNG)ни қайта ишлаш заводида кучли портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб инсонлар жароҳат олган.
Қатар Энергетика вазири Саад ал-Каабийнинг маълум
қилишича, портлаш "техник носозлик" сабабли юз берган ва буни "душманлик ҳаракати" деб ҳисоблашга асос йўқ. Портлаш мажмуада таъмирлаш ишларидан сўнг фаолият қайта тикланаётган пайтда содир бўлган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Ҳиндистон ва Покистон фуқаролари эканлиги хабар қилинмоқда.
Қатар Ички ишлар вазирлиги ҳодиса жойида атроф-муҳит ва аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи чиқиндилар тарқалиши кузатилмаганини билдирган. QatarEnergy компанияси воқеа юзасидан тергов бошланганини ва бу ҳолат мамлакатнинг газ экспортига таъсир қилмаслигини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга мазкур фожиа муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллаган.
Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.
Маълумот учун, Рас-Лаффан дунёдаги энг йирик LNG экспорт маркази ҳисобланиб, жаҳон газ таъминотининг қарийб бешдан бир қисмини ишлаб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида яқинда портлаш содир бўлганди. Натижада 6 киши вафот этган эди.

Изоҳлар мавжуд емас