Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши ўтказилиб, криминоген вазият, кибержиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда хизмат интизоми масалалари муҳокама қилинди. Йиғилиш якунлари бўйича 6 нафар шаҳар ва туман ИИБ бошлиғини, 2 нафар уларнинг жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосарларини ва 2 нафар вилоят ИИБ масъул раҳбарларини лавозимидан озод этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳисобот даврида 125 387 та оммавий тадбирда 70 миллиондан ортиқ фуқаронинг хавфсизлиги таъминланган. 5 778 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, 476 та маҳалла "қизил" тоифада қолгани танқид қилинган.
Ҳисобот даврида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 87 фоизи фош этилган, жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 31,4 фоизга яхшиланган. Натижада фуқароларга етказилган 1 триллион 365 миллиард сўмлик моддий зарар қопланган.
Шунингдек, қидирувда бўлган 5 010 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 2 616 нафар шахс аниқланган.
Йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш натижалари ҳам муҳокама қилинган. Вазирлик маълумотига кўра, ҳисобот даврида 9 282 та кибержиноят фош этилган, 4 011 таси ташаббус асосида аниқланган. 13 мингдан ортиқ фуқарога етказилган 120 миллиард 496 миллион сўмдан зиёд зарар қайтарилган.
Марказий банк билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус тизим орқали 29 триллион сўмнинг ноқонуний равишда четга чиқиб кетишининг олди олинган ҳамда жиноятларга алоқадор 18 838 та банк картаси блокланган.
Йиғилишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳам танқидий-таҳлилий кўриб чиқилган. Жорий йилнинг олти ойида ИИВга 205 154 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 87,7 фоизи қаноатлантирилган, 11,3 фоизи юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Ҳайъат қарорларига кўра, жиддий камчиликларга йўл қўйган 6 нафар шаҳар ва туман ИИБ бошлиғи, 2 нафар уларнинг жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосари ҳамда 2 нафар вилоят ИИБ масъул раҳбарини лавозимидан озод этиш, 7 нафар раҳбарга қаттиқ интизомий жазо қўллаш ва яна 3 нафар раҳбарнинг лавозимида қолиш-қолмаслигини кўриб чиқиш белгиланган.
Рейтинг натижаларига кўра, жиноятларнинг олдини олиш ва уларни ташаббус асосида аниқлаш бўйича Тошкент вилояти ИИБ биринчи, Самарқанд вилояти ИИБ иккинчи, Фарғона вилояти ИИБ учинчи ўринни эгаллаган. Ушбу ҳудудлар ҳамда қатор туманлар ИИБ раҳбарларини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритилган.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар органлари ходимларини кучайтирилган хизмат тартибига ўтказиш бўйича вазифалар белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас