Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Риштон–Сўх йўналишидаги чегара-назорат ўтказиш ҳудудида, хусусан, Қирғизистон Республикасининг "Қайпас" чегара ўтказиш пунктида кескин вазият юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур шов-шувли лавҳалар юзасидан Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати расмий баёнот берди.
Мурожаатчиларнинг даъво қилишича, Қирғизистон чегарачилари томонидан сунъий равишда узун навбатлар ҳосил қилиниб, йўловчилар узоқ вақт сарсон қилинган. Вазият таранглашган пайтда эса Сўх туманида яшовчи бир нафар Ўзбекистон фуқароси чегара постида калтаклангани ҳақида хавотирли ва бир ёқлама маълумотлар муҳокамаларга сабаб бўлган.
Рвсмий муносабатда таъкидланишича, вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда атрофлича ўрганилган.
Дастлабки расмий маълумотларга кўра, чегара масканида Қирғизистон Республикаси чегара хизмати ходимлари ва Сўх туманида яшовчи Ўзбекистон фуқароси ўртасида аслида ўзаро тушунмовчилик келиб чиққан. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу фуқаро соғ-саломат Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилган.
Шундан сўнг, икки давлатнинг масъул вакиллари ҳамда воқеа иштирокчиси бўлган фуқаро иштирокида бевосита мулоқот ташкил этилган. Учрашув давомида вазият тинч йўл билан тўлиқ бартараф этилиб, томонлар юзага келган тушунмовчилик учун ўзаро узр сўраганлар.
Туман ҳокимлиги фуқаролардан ижтимоий тармоқлардаги бир ёқлама ва ҳиссиётга берилган тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни, вазиятга холис ва вазмин ёндашишни сўраган. Эслатиб ўтилишича, Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилади ва бу каби чегараолди масалалари ваколатли идораларнинг доимий назоратида бўлади.
Илгари Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида фуқароларга отвёртка билан таҳдид қилган шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас