Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини техника билан таъминлаш ва соҳани рақамлаштириш тақдимоти билан танишиб, пахта теримини машинада амалга ошириш улушини камида 70 фоизга етказиш ва фермерлар учун миллий валютада 10 йиллик имтиёзли лизинг тизимини жорий этиш бўйича кўрсатма берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган режага кўра, 2026 йилда 800 та пахта териш машинаси ва жами 10 мингта янги техника харид қилиниб, соҳадаги механизация даражаси 81 фоизга етказилади. Ушбу янги техникаларни фермерларга қулай шартларда етказиб бериш учун халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар маблағ жалб қилинади ва улар миллий валютада, 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга 18 фоиз ставкада лизингга берилади.
Энг муҳим жиҳати, кредит ставкасининг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши натижасида фермер зиммасидаги реал фоиз юки 10 фоизни ташкил этади ва техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун жами 660 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Шу билан бирга, маҳаллий машинасозлик салоҳиятини ошириш мақсадида 2026–2028 йилларда маҳаллийлаштириш даражаси 35 фоиздан 65 фоизгача кўтарилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга оширилади.
Рақамлаштириш йўналишида эса "Агробанк" томонидан кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқартирилади, ҳудудларда комплекс "Агрохизмат зоналари" ташкил этилади ҳамда қишлоқ хўжалигидаги стартапларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллиард сўмлик янги венчур компанияси ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти (Human Rights Watch) ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ҳамкорликда "Фермерларда эркинлик йўқ" номли 120 саҳифали кенг қамровли ҳисоботини эълон қилганди. Унда сўнгги йилларда пахта теримида мажбурий меҳнат тизими бекор қилинганига қарамай, давлат ҳанузгача пахта ва ғалла етиштирувчи деҳқонлар устидан қаттиқ ва мажбурий назоратни сақлаб қолаётгани танқид қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас