Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Наманган ва Фарғона вилоятларида фуқароларни Хорватияга ишга ҳамда Саудия Арабистонига "Умра" зиёратига юборишни ваъда қилиб, ноқонуний пул талаб қилган фирибгарлар ушланди.
Хусусан, 24 сентябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи 22 ёшли шахс Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони Хорватияга ишга юбориш ваъдаси билан 3 600 доллар талаб қилиб, олдиндан 1 000 доллар олаётган вақтида ушланган.
Шунингдек, Фарғона вилояти Бувайда туманида эса 57 ёшли шахс 2 нафар фуқарони "Умра" зиёратига юбориш эвазига 2 200 доллар олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Фарғона ва Наманган вилоятларида тегишли лицензиясиз "Умра" зиёратини ташкил этишга уринган туристик фирма вакиллари ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас