Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Зангиота туманида 60 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция шартномасини олиб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан фирибгарлик йўли билан пул олган уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Департаментнинг туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, бир компания раҳбарининг ишончига киргани аниқланган.
Улар юқори лавозимдаги танишлари орқали Ички ишлар вазирлигига қарашли 4 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 60 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бериш эвазига 100 000 доллар талаб қилган. Қонунбузарлар сўралган суммадан 20 000 долларни олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкларидан бирининг масъул шахслари томонидан содир этилган йирик миқдордаги талон-торожлик ҳолати фош этилганди. Банк ходимлари фуқаронинг омонатга қўйилган 500 минг долларидан 300 минг долларини қалбаки ҳужжатлар тузиш орқали ўзлаштириб олишган эди.

Изоҳлар мавжуд емас