Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида иштирок этиб, Россия билан саноат кооперацияси, рақамлаштириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари ўз нутқида дунёда транспорт йўлаклари, ишлаб чиқариш занжирлари ва технологиялар соҳасида чуқур ўзгаришлар кечаётганини таъкидлаб, бу жараёнларда ҳамкорлик ва кооперациянинг аҳамияти ортиб бораётганини қайд этган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ҳудудлараро алоқалар, саноат кооперацияси ва энергетика соҳаларида янги босқичга кўтарилганини билдирган.
Президент технологик ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида ягона рақамли платформага уланган ишлаб чиқариш кластерлари тизими – "Евроосиё технологик саноатлаштириш камари"ни ташкил этиш таклифини илгари сурган.
Шунингдек, рақамли савдо, шаҳар хизматлари ва сунъий интеллект технологиялари бўйича қўшма рақамли экотизимни шакллантириш, таълим ва меҳнат бозорини боғлайдиган инсон капиталини ривожлантириш онлайн-платформасини яратиш ташаббуслари ҳам билдирилган.
Маданий-гуманитар соҳада эса "Самарқанддан Петербурггача" креатив-туристик йўлагини ташкил этиш таклиф қилинган. Лойиҳа доирасида фестиваллар, кўргазмалар, гастрономик ҳафталиклар ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш назарда тутилган.
Президент нутқида мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижаларига ҳам тўхталиб, сўнгги ўн йилда ишбилармонлик муҳити, саноат базаси ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича муҳим ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этган.
Якунда форум иштирокчилари Тошкент халқаро молия маркази имкониятларидан фойдаланишга ҳамда 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашишга таклиф этилган.

Изоҳлар мавжуд емас