Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Швеция ва Польшада миграция қонунчилигини бузган 27 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейси орқали Тошкентга олиб келинди. Улар 9 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортига қўнган рейс билан Ўзбекистонга қайтарилган.
"Дунё" ахборот агентлиги маълум қилишича, фуқароларнинг Ватанга қайтарилиши Ўзбекистон, Швеция ва Польша ваколатли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.
Тошкент халқаро аэропортида қайтиб келган фуқароларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари кутиб олган.
Ўзбекистон фуқаролари Ватанга қайтишларига кўмаклашилгани ва кўрсатилган ёрдам учун мамлакат раҳбарияти ҳамда ваколатли органларга миннатдорлик билдирган.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бундай чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлар ва хорижий давлатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда ўз фуқароларининг хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, хорижга чиқадиган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Кеча, шунингдек, Россия ва Қозоғистонда қаровсиз қолган 11 нафар ватандош бола Ўзбекистонга олиб келинганди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида Россия Федерациясидан 9 нафар, Қозоғистон Республикасидан эса 2 нафар вояга етмаган бола мамлакатга қайтарилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас