Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида BYD русумли автомобиль ҳайдовчиси орқасидан келаётган тез ёрдам автомашинасига йўл бермаган. Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода BYD автомобили Сергели–Чилонзор йўналишида ҳаракатланаётгани ва орқасидан келаётган тез ёрдам автомашинасига йўл бермагани акс этган.
ЙҲХХ ҳолатни ўрганиб, ҳайдовчи махсус транспорт воситасининг ҳаракатланишига халақит берганини аниқлаган.
Ҳайдовчи эса қоидабузарликни қасддан содир этмаганини айтган. Унинг тушунтиришича, автомобиль ойнаси ёпиқ, кондиционер ишлаб турган ва мусиқа қўйилгани сабабли тез ёрдам автомашинасининг махсус товуш сигналини эшитмаган.
Ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида баённома расмийлаштирилган. Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Шунингдек, ҳайдовчи билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Олдинроқ Самарқандда тез ёрдам машинасига йўл бермаган Mercedes-Benz ҳайдовчиси жаримага тортилганди.

Изоҳлар мавжуд емас