Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов дипломатик миссиясини якунламоқда. Куни кеча Тошкентда Россия куни муносабати билан расмийлар, дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган қабул маросимида у нутқ сўзлаб, мамлакатдаги фаолияти якунларини сарҳисоб қилди.
Мальгинов Ўзбекистон раҳбарияти, Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик корпусдаги ҳамкасблари, ватандошлар ва элчихона ходимларига кўп йиллик қўллаб-қувватлаш ва самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
"Мен бу ерда кўплаб дўстларимни қолдиряпман, ишончим комилки, улар билан ҳали кўп учрашамиз. Ўз навбатида, Россия-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этаман", - деди элчи.
Дипломат ўз нутқи давомида Ўзбекистонда бўлган даври мобайнида икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Мураккаб ташқи вазиятга қарамасдан, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлашга эришилди. Биргина 2025 йил бошидан буён Ўзбекистонга Россиядан 20 дан ортиқ федерал ва 30 дан ортиқ минтақавий делегациялар ташриф буюрди.
Якунда Олег Мальгинов Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланишига ишонч билдириб, икки мамлакат ва халқларга фаровонлик тилади.
Эслатиб ўтамизки, Мальгинов ушбу лавозимга 2021 йилнинг март ойида тайинланган эди.
Изоҳлар мавжуд емас