Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Сенатининг 20-пленар мажлисида сенаторлар 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи қонунни маъқулладилар. Ҳужжат билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Меҳнат кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Янги нормаларга мувофиқ, 14 ёшга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси белгиланади ҳамда ушбу жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддати қўлланилмайди. Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари озод қилиш ман этилади.
Ҳужжатда жабрланган болаларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар ҳам белгиланган. Хусусан, вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёни қайта психологик жароҳат етказмаслик учун мажбурий равишда видеога олинади. Бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштириш фақат терговчи, прокурор ёки суд қарорига асосан ўтказилади. Дастлабки босқичданоқ болага давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратилади.
Бундан ташқари, таълим муассасалари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик содир этилса, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Шу билан бирга, ота-оналарнинг болаларни қараровсиз қолдириши, жинсий тегажоғлик, никоҳ ёшини бузиш ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Сенат маъқуллаганидан сўнг қонун Президент томонидан имзоланиши лозим.

Изоҳлар мавжуд емас