Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани ва Қарши шаҳри ҳудудига туташ "Батош" маҳалла фуқаролар йиғинида 100 миллион долларлик "Кўҳна Насаф" туризм марказини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Мажмуа учун умумий ҳисобда 235 гектар ер майдони ажратилиши белгиланган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 35 гектар майдонда миллий услубдаги меҳмонхоналар, ресторанлар, амфитеатр, "Шарқ бозори" ҳамда турли савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қад ростлайди.
Бундан ташқари, Қашқадарё дарёси бўйининг 3 километри мустаҳкамланиб, 7 километрлик "саломатлик йўлаги", пиёда ва велойўлаклар ҳамда 13 километрлик янги автомобиль йўли қурилади.
Марказнинг мастер-режасини ишлаб чиқиш ва қурилиш жараёнларига Туркиянинг Vertebra компанияси жалб этилган.
Молиялаштириш Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 3 йил муддатга ажратиладиган фоизсиз кредит эвазига амалга оширилади, қуриб битказилган объектлар эса аукцион орқали сотилиб, тушган маблағлар қарзни қоплашга йўналтирилади.
Олдинроқ Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг Учқўрғон туманида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида "Мустақиллик" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёси ўртасидаги 12 гектарлик "Оролча" табиий майдонида замонавий экотуристик марказ барпо этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.

Изоҳлар мавжуд емас