Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари, шунингдек, техник ва суғориш суви учун янги тарифлар белгиланди. Тегишли қарор Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши томонидан 30 сентябрь куни қабул қилинди.
Янги қарорга кўра, аҳоли учун бир кубометр ичимлик суви нархи 4 200 сўм, канализация хизмати эса 2 100 сўмни ташкил этади. Техник сувнинг бир кубометри учун 400 сўм, суғориш суви учун эса 500 сўм тўланади. Бюджет ташкилотлари ва бошқа улгуржи истеъмолчилар учун бир кубометр ичимлик суви 10 500 сўм, канализация хизмати 6 800 сўм, техник сув 1 750 сўм ҳамда суғориш суви 1 650 сўм этиб белгиланди.
Бундан ташқари, марказлашган сув тармоғига уланиш имконияти бўлмаган аҳоли пунктларига транспортда етказиб бериладиган ичимлик суви учун алоҳида тариф тасдиқланди — бир литр учун 80,36 сўм. Сув етказиб бериш туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган схема бўйича амалга оширилади.
Мазкур қарор расмий эълон қилинганидан 15 кун ўтгач кучга киради. Шу вақтдан бошлаб 2025 йил 15 августда қабул қилинган аввалги тарифлар ўз кучини йўқотади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида аҳоли учун ичимлик суви тарифи 2600 сўмдан 3100 сўмга, оқова сув хизмати тарифи эса 1300 сўмдан 1500 сўмга оширилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас