Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан музокаралари чоғида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий Иттифоқи ва Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти билан муносабатларини мустаҳкамлашдан Россия манфаатдор эканлигини айтди.
"Мен Ўзбекистонда бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Бу давлат нафақат бизнинг иттифоқчи ва стратегик ҳамкоримиз, балки яқин дўстимиз ҳисобланади. Вазирликларимиз ўртасидаги муносабатлар биргина президентлар томонидан маъқулланган сиёсий тамойилларга эмас, балким шахсий илиқлиқ ва ўртоқлик алоқаларга асосланади. Бу эса ўз ўрнида муаммоларимизни ҳар доим ўзаро ҳурмат асосида, бир-биримизнинг манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишимизнинг кафолатидир”, - дея таъкидлади россиялик дипломат.
Лавровнинг сўзларига кўра, Россия-Ўзбекистон муносабатлари айни босқичда барча соҳалар, жумладан иқтисодиёт, гуманитар соҳа ва ҳарбий-техник ҳамкорликда мисли кўрилмаган даражада ривожланиб бормоқда.
"Ҳамкорлигимиз етакчиси - бу албатта ядро энергетикаси ҳисобланади. Бу борада давлат раҳбарлари назорати остида турган махсус битимлар мавжуд. Албатта, таълим соҳаси, яъни Россия университетларининг кўплаб филиаллари борлиги ҳам эътиборга лойиқ. Бу халқларимиз ва манфаатларимиз яқинлигини яна бир бор исподлайди",- деди у.
Шунингдек, дипломат томонлар Ўзбекистон Президентининг Россияга давлат ташрифига фаол тайёргарлик кўраётганини айтиб ўтди. Ташрифдан олдин савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтиб, унда юқори даражада имзоланиши кутилаётган ҳужжатлар лойиҳаси кўриб чиқилади.
"Муносабатларимиздаги ушбу воқеани муносиб тарзда ташкил қилиш учун қатор тадбирларни таклиф этмоқчимиз. Албатта, бугунги кунда халқаро муаммолар, хусусан Марказий Осиёдаги вазият, Афғонистон, Яқин Шарқ, шимолий Африка муаммолари, халқаро ташкилотлардаги ҳамкорлик, авалом бор БМТ доирасидаги ҳамкорлигимиз бўйича ёндошувларни ўзаро мувофиқлаштириш учун яхши имкониятга эгамиз. Мен умид қиламанки, биз МДҲдаги ҳамкорлик бўйича режаларимизни манфаатли равишда таққослай оламиз. Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖХШТ билан алоқаларини мустаҳкамлашидан манфаатдормиз", - деб якунлади Сергей Лавров.
Изоҳлар мавжуд емас