Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Истанбулда бўлиб ўтаётган 29-Евроосиё иқтисодий саммити қатнашчиларига табрик йўллади. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида глобал иқлим ўзгаришлари ва сув танқислиги шароитида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва "яшил" иқтисодиётга ўтиш масалаларини кун тартибидаги энг долзарб вазифалар сифатида қайд этди. Шунингдек, Президент Туркиянинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини ва Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклиги янги босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этди.
Саммитнинг асосий мавзуларидан бири сифатида экологик масъулият масаласига тўхталган Шавкат Мирзиёев, Марказий Осиёда ҳарорат кўтарилиш суръати жаҳондаги ўртача меъёрдан юқори эканини таъкидлаган. Ўзбекистон ушбу хавфларга жавобан 2035 йилга қадар зарарли чиқиндилар ҳажмини 50 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Бундан ташқари, "Яшил макон" лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилаётгани ва Орол денгизининг қуриган тубида улкан яшил майдонлар барпо этилаётгани ижобий тажриба сифатида келтирилган.
Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятни сув ресурсларини самарали бошқариш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлида кучларни бирлаштиришга чақирган. Шу муносабат билан, саммит иштирокчилари Самарқандда бўлиб ўтадиган Глобал экологик жамғарма Ассамблеяси ва Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумига таклиф этилган. Мурожаат якунида Президент Ўзбекистон кенг кўламли ҳамкорлик учун ҳамиша очиқ эканини ва барқарор тараққиёт йўлида амалий мулоқотларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Изоҳлар мавжуд емас