Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев The Muslim 500 нашрининг 2027 йилги рейтингида дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари орасида 40-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Иорданиядаги Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (RISSC) томонидан эълон қилинган ҳисоботда маълум қилинган.
The Muslim 500 нашри Мирзиёевнинг рейтингга киритилишини унинг Ўзбекистонда амалга ошираётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлари, мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириши билан изоҳлаган.
Ҳисоботда, хусусан, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро савдо алоқаларининг кенгайиши ва пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилиши қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистонда Ислом меросини асраб-авайлаш ва ўрганишга қаратилган лойиҳалар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги илмий марказлар ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига эътибор қаратилган.
Рейтингнинг биринчи ўринларини Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва фельдмаршал Осим Мунир, шунингдек, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған эгаллаган.
The Muslim 500 рейтинги 2009 йилдан буён Иорданиядаги Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази томонидан тайёрланади. Унда мусулмонлар дунёсига сиёсий, иқтисодий, диний, илмий ва маданий соҳаларда таъсир кўрсатаётган шахслар сараланади. Рейтингни тузишда номзодларнинг жамоатчиликка таъсири, фаолияти ва эришган натижалари ҳисобга олинади.

Изоҳлар мавжуд емас