Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT-паркда лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланди. Мазкур босқичга тамал тоши қўйиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Икки йил аввал, 200 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилган эди.
Қарийб 4 гектар майдонда 20–25 қаватли 6 та офис биноси ва конгресс-холл барпо этилди. Мазкур ҳудудда ахборот технологиялари, финтех, логистика, электрон тижорат, таълим ва биотехнология соҳаларидаги стартаплар учун инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган.
Ҳозирги кунда IT-парк резидентлари сони 3 200 та компанияга етган бўлиб, уларда 14 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда.
2024 йили резидент компаниялар томонидан 1,6 миллиард долларлик хизматлар кўрсатилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Шунингдек, экспорт ҳажми илк бор 1 миллиард долларлик маррадан ошиб ўтиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида IT-парк ҳудуди 1,5 баробарга кенгайтирилади. Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси билан ҳамкорликда қиймати 150 миллион долларга тенг, 12 мегаватт қувватга эга дата-марказ қурилиши режалаштирилган. Кейинги босқичларда қўшимча 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, умумий қувват 500 мегаваттга етказилиши кўзда тутилмоқда.
Янги босқичда ҳудудда жами 6 та иншоот барпо этилади. Жумладан:
- Сунъий интеллект маркази,
- Космос ва келажак технологиялари марказлари,
- Иккита 20 қаватли офис биноси,
- Сервис ва савдо марказлари.
Лойиҳа натижасида мазкур мажмуани замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган "Сунъий интеллект ҳаби"га айлантириш режалаштирилган.





Изоҳлар мавжуд емас