Загрузка
Загрузка
Туркистонда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бошланди
Сиёсат

Туркистонда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бошланди

10
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити ўз ишини бошлади. Конгресс марказида давлатимиз раҳбарини Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев самимий кутиб олди. Делегациялар раҳбарлари биргаликда суратга тушганларидан сўнг, расмий тадбирлар олдидан Туркий цивилизация маркази қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида қатнашдилар.

Қозоғистон ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу мажмуа туркий халқларнинг муштарак илдизлари ва тарихий-маданий меросини намойиш этишга, мамлакатлар ўртасидаги илмий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Маросимдан сўнг етакчиларга Қозоғистоннинг рақамли ечимлари ҳамда ТДТга аъзо давлатларнинг АТ ва сунъий интеллект соҳасидаги қўшма ташаббуслари тақдимот қилинди.

Саммит доирасида Ўзбекистон Президенти ташкилотга аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркистон шаҳрининг тарихий-маданий марказида бўлган. Олий мартабали меҳмонлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, XIV аср охирида Амир Темур фармойишига биноан Мовароуннаҳр ва бошқа ҳудудлар усталари томонидан бунёд этилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилиб, буюк суфий шоир хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. 

Шунингдек, етакчилар "Ҳазрат Султон" музей-қўриқхонасининг ташрифлар маркази ва ундаги "Ноёб экспонатлар зали" билан танишдилар. Бу ерда мақбаранинг асл эшиги, Амир Темур томонидан ҳадя қилинган бронза шамдонлар ва Хўжа Аҳмад Яссавий қабри устидаги ёпинчиқ сингари ноёб тарихий ёдгорликлар намойиш этилди.

Норасмий саммит доирасида дастлаб Ўзбекистон Президенти Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан алоҳида музокаралар ўтказган. Унда икки томонлама стратегик шериклик, саноат ва сув хўжалигидаги кооперация лойиҳалари ҳамда минтақавий аҳамиятга молик йирик транспорт ташаббуслари, хусусан, "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинган.

Шу қаторда Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан ҳам учрашув ўтказган. Суҳбатда жорий йил бошидан буён икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони жадал ўсиб бораётгани, турк компаниялари иштирокида салмоқли лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилган. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...