Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш даврида аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан энергия ресурслари нархлари ошиши фонида кам таъминланган ва кўмакка муҳтож қатлам учун махсус компенсациялар ҳамда бир марталик моддий ёрдам ажратиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Янги тартибга кўра, 2027 йил 1 апрелга қадар Ижтимоий реестрга киритилган, шунингдек, реестрга киритилмаган бўлса-да, оилада жон бошига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатлариниг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга ишлатилган электр ва газ учун компенсация тўланади. Бунда электр энергияси бўйича ойига базавий меъёрдан 150 киловатт соатгача, табиий газ бўйича эса иситиш мавсумида ойига 250 куб метргача, йилнинг бошқа даврларида эса 150 куб метргача ортиқча фойдаланилган ҳажм учун нархлар ўртасидаги фарқ давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, қиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўшимча ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ноябрь ойида 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилиши белгиланган. Ушбу ёрдам пули Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга ҳамда "маҳалла еттилиги" хулосаси асосида шакллантириладиган қўшимча рўйхатдаги муҳтож хонадонларга берилади.
Қўшимча рўйхатга биринчи навбатда боқувчисини йўқотганлар, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ҳамда табиий газ тармоғига уланмаган ва марказий иситиш тизими бўлмаган уйларда яшовчи оилалар киритилади. Маҳаллалар кесимидаги бундай қўшимча рўйхатлар ҳажми мазкур маҳаллада Ижтимоий реестрга киритилганлар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.
Мазкур қарор доирасидаги тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Халқ банки орқали амалга оширилади. Маҳаллаларда рўйхатларнинг шаффоф ва адолатли тузилиши учун маҳалла раислари ҳамда ҳудуд раҳбарлари шахсан жавобгар этиб белгиланган бўлиб, ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан Бош прокуратура томонидан доимий назорат олиб борилади.
Бир миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам олиш ўтган йилидан бери мавжуд. Хусусан, қиш мавсумида ушбу хизматдан март ойигача жами 700 мингга яқин оила фойдаланган.

Изоҳлар мавжуд емас