Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Поп тумани "Қўшминор" маҳалласи ҳудудида патир нон савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўртасида содир бўлган низоли ҳолат акс этган видеолар тарқалди. Мазкур мурожаат юзасидан Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Олдинроқ Наманган вилоятининг Поп туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг маҳаллий жиноий гуруҳ таҳдидларидан шикоят қилган видеомурожаати тарқалганди. Видеоларда айтилишича, улар Поп туманини ўз назоратига олишган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, ушбу ҳудудда Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи, 29 ёшли фуқаро "Санжар патир" номи остида тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. У худди шу жойда худди шу ном билан савдо қилаётган бошқа бир тадбиркор — Данғара туманида яшовчи, 27 ёшли фуқаронинг шохобчасига бориб, уни тадбиркорлик номини ноқонуний ўзлаштириб олганликда айблаган. Тезкор ўрганишлар давомида 29 ёшли айбланувчи шериклари билан ўзбошимчалик қилиб, 27 ёшли фуқрога тегишли бўлган савдо дўкони мол-мулкига қасддан шикаст етказгани аниқланган.
Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида жанжалнинг барча иштирокчилари шахси тўлиқ аниқланган бўлиб, ҳодиса оқибатида бирор-бир шахс тан жароҳати олмагани маълум қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланиб, айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61²-моддаси (Мулкка қасддан шикаст етказиш), 183-моддаси (Майда безорилик) ва 200-моддаси (Ўзбошимчалик) билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Тўпланган барча ҳужжатлар қонуний баҳо бериш ва якуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Поп туман судига юборилган.

Изоҳлар мавжуд емас