Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қозоғистонда юз берган воқеалар Ўзбекистоннинг КХШга кириш эҳтимоли ҳақидаги муҳокамаларни яна бир бор авж олдирди. Айрим экспертлар бунга қарши чиқса, бошқалари ташкилот Тошкент учун фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Batafsil.uz. мухбири ушбу масала бўйича нуқтаи назарини билиш ва Қозоғистонда содир бўлган воқеалар Ўзбекистон-Қозоғистон савдо айланмасига қандай таъсир қилиши мумкинлигини тушуниш учун таниқли эксперт ва иқтисодчи Юлий Юсупов билан суҳбатлашиб олди.
“Қозоғистонда, сал илгарироқ Арманистонда юз берган воқеалар КХШТ ташқи хавфдан ҳимоя воситаси эмас, балким ички низоларни ҳал этиш қуролидир эканлигини намоён қилди. Агарда Ўзбекистон ҳукумати ички муаммоларни ўз кучи билан ҳал қила олишига ишонмаса ва бу учун ташқаридан ҳарбий ва полиция кўмаги керак бўлади, деб ўйласа, КХШТга киришни исташи мумкин. Акс ҳолда, Қозоғистондаги воқеалар бу ташкилотга аъзо бўлмаслик хохишини кучайтириши мумкин”, - дея таъкидлади эксперт.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг муҳим иқтисодий ҳамкоримиздир ва пандемияга қарамай, ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, бу эса жуда яхши ҳолат.
"Бу тенденция давом этиши учун ҳеч қандай тўсиқ кўрмаяпман. Ўзбекистон учун Қозоғистон жуда фойдали савдо бозоридир, чунки бу давлат аҳолисининг даромадлари, шунга мувофиқ, харид қобилияти ҳам Ўзбекистондагидан сезиларли даражада юқоридир", - дея таъкидлади у.
Шунингдек, Юсуповнинг қўшимча қилишича, Қозоғистон Ўзбекистон учун инвестициялар манбаи ҳисобланади, қозоғистонлик тадбиркорлар мамлакатимизга сармоя киритишга тайёр, фақат уларга халақит берилмаса бўлгани.
"Ҳукуматлар ўртасида ҳам, тадбиркорлар ўртасида ҳам ҳамкорлик қилиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд: ишлаб чиқариш кластерларидан тортиб ягона сайёҳлик визаси билан қўллаб-қувватланадиган қўшма туристик маҳсулотларгача бўлган йўналишларда истиқболлар кўринмоқда. Бу масалалар бўйича икки мамлакат ҳукуматлари иш олиб бормоқда", -дея якунлади у.
Изоҳлар мавжуд емас