Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Қатар, Жанубий Африка Республикаси ва Эфиопиядаги элчиси Ашраф Ходжаев мамлакатнинг Африка Иттифоқи ҳузуридаги биринчи доимий вакили бўлди. У 14 октябрь куни ташкилот Комиссияси раиси Маҳмуд Али Юсуфга ишонч ёрлиқларини топширди.
Маросим Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳрида бўлиб ўтган. Ашраф Ходжаев Ўзбекистон номидан Африка Иттифоқи билан ҳамкорликни ривожлантириш ва ташкилот доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун масъул бўлади.
Учрашувда томонлар ўзаро дўстона муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, маданият, иқтисодиёт ва гуманитар соҳаларда қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилган.
Африка Иттифоқи қитъадаги 55 та давлатни бирлаштирган минтақавий ташкилот ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ташкилот ҳузурида доимий вакил тайинлаши мамлакатнинг Африка давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларини ривожлантириш учун дипломатик мулоқотнинг янги имкониятларини очади.

Изоҳлар мавжуд емас