Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон U.S. News & World Report нашрининг 2026 йилдаги дунёнинг энг қудратли давлатлари рейтингида 100 мамлакат орасида 71-ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари орасида эса Қозоғистон юқорироқ натижа кўрсатиб, 39-поғонадан жой олди.
Рейтингда Хитой биринчи, АҚШ иккинчи, Ҳиндистон эса учинчи ўринни эгаллаган. Рўйхат мамлакатларнинг халқаро майдондаги таъсири, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти ҳамда сиёсий нуфузи каби мезонлар асосида шакллантирилган.
Ўзбекистон рейтингда Норвегия, Арманистон, Шри-ланка, Латвия, Иордания ва Литвия каби давлатлардан юқори жойлашган. Бироқ бу мамлакатларнинг айримлари иқтисодий тараққиёт, аҳоли фаровонлиги ёки бошқа кўрсаткичлар бўйича алоҳида рейтингларда юқорироқ натижаларга эга бўлиши мумкин. Мазкур рўйхат айнан давлатларнинг умумий қудрати ва халқаро таъсирини баҳолашга қаратилган.
Рейтингнинг биринчи ўнталигидан Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Германия, Япония, Жанубий Корея, Франция, Буюк Британия, Мексика ва Италия ўрин олган.
Марказий Осиёдан рейтингга Ўзбекистон ва Қозоғистон киритилган. Манбада Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйича кўрсаткичлар келтирилмаган.
Мамлакатларнинг ўрнини белгилашда бир нечта омил ҳисобга олинган:
-
Иқтисодий қудрат — мамлакат иқтисодиётининг жаҳон бозоридаги аҳамияти ва бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқалари.
-
Сиёсий таъсир — халқаро қарорлар ва бошқа давлатларнинг сиёсий йўналишларига таъсир кўрсатиш имконияти.
-
Ҳарбий салоҳият — қуролли кучларнинг имкониятлари, шахсий таркиби ва техник жиҳозланиши.
-
Геосиёсий иштирок — халқаро ташкилотлар ва йирик ҳамкорлик тузилмаларидаги иштироки.
-
Ташқи савдо салоҳияти — мамлакатнинг экспорт имкониятлари ва жаҳон савдосидаги ўрни.
-
Халқаро етакчилик — глобал кун тартибига таъсир кўрсатиш даражаси.
Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, ҳар бир мезон 0 дан 100 гача бўлган шкалада баҳоланади ва натижалар умумлаштирилади.

Изоҳлар мавжуд емас