Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорти 2,3 миллиард долларга етди. Шунга қарамай, видеоселектор йиғилишида Президент айрим элчилар фаолиятини кескин танқид қилиб, Европанинг йирик бозорларига чиқиш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятида Европа йўналиши стратегик аҳамият касб этмоқда. Айниқса, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасида улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.
Франция бозори Фарғона, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятидаги кимё корхоналари учун асосий экспорт йўналиши сифатида белгиланган.
Франциядаги дипломатик ваколатхонага ушбу мамлакатдаги минерал ўғитларга бўлган талаб ва стандартларни ўрганиш, маҳаллий корхоналар маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Европанинг қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатларига минерал ўғит экспортини тизимли ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш мақсад қилинди.
Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги шароитида Испаниянинг, хусусан, Алмерия ҳудудининг тажрибаси Ўзбекистон учун ўрнак қилиб кўрсатилган.
Айтилишича, Алмерияда 30 минг гектарлик иссиқхоналар комплекси фақат қуёш энергиясида ишлайди ва газдан фойдаланмайди. Ушбу тизим йилига 1,5 миллиард евро солиқ тушумини таъминлайди.
Испаниядаги элчига ушбу технологияларни Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига жорий қилиш бўйича дастур тайёрлаш топширилди.
Шунингдек, Нидерландия қишлоқ хўжалиги экспорти бўйича дунёдаги кучли учликка кириши таъкидланган. У ердаги "World Horti Center" инновация маркази соҳадаги дунёвий билимлар ўчоғи ҳисобланади.
Бельгиядаги элчига (Нидерландия билан ҳамкорлик доирасида) камида 100 нафар маҳаллий мутахассисни ушбу марказда малака оширишга юбориш вазифаси қўйилди.
Иссиқхона соҳасидаги энг сўнгги инновацияларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш ҳам алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбари элчиларнинг фаолияти фақат сиёсий алоқалар билан чекланмай, балки иқтисодий натижадорлик ва ўзбек брендини Европа бозорларида танитишга қаратилиши кераклигини қатъий таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас