Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу nуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янги босқичга кўтариш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида томонлар халқаро тузилма билан амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этганлар. Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ICESCO кафедраси муваффақиятли фаолият юритмоқда, шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрида ташкилотнинг расмий офиси иш бошлаган. Бундан ташқари, шу йилнинг февраль ойида Ислом олами маданий мероси қўмитасининг йиғилиши якунларига кўра, мамлакатимизнинг 7 та моддий ва номоддий мерос объекти ICESCO рўйхатига киритилган эди.
Учрашувда маданий ёдгорликлар ва нодир қўлёзмаларни реставрация қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда рақамлаштириш, юртимизнинг бой тарихий меросини халқаро медиа платформалари орқали дунё жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш, шунингдек, истиқболда қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мулоқот якунида Президент Шавкат Мирзиёев халқимизнинг бой маданиятини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Салим ал-Маликни юксак мукофот – "Дўстлик" ордени билан тақдирлади.

Изоҳлар мавжуд емас