Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон биргаликда Хитойни Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор трансконтинентал маршрутни шакллантирмоқчи. Уч давлат раҳбарлари "Аваза" сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган учрашувда савдо, транспорт, энергетика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Уч мамлакат етакчилари минтақанинг транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлигини қайд этдилар. Амалдаги ва бўлажак транспорт йўлакларининг туташуви Хитойни Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор йўналишни шакллантириш имконини бериши таъкидланди. Шу маънода, Хитой - Ўзбекистон темир йўли қурилиши ва Трансафғон коридори лойиҳаси муҳокама қилинди.
Логистика масалаларини муҳокама қилиш доирасида томонлар Ўрта маршрутни, шу жумладан Зангезур йўлагини ривожлантиришни қўллаб-қувватладилар ҳамда Туркманбоши ва Боку портларининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва келишилган тариф сиёсатини жорий этишни таклиф қилдилар. Ўзбекистон бизнеснинг жаҳон бозорларига энг қисқа йўл билан чиқишини таъминлаш учун юк ташиш тарифларини пасайтиришга тайёрлигини билдирди.
Энергетика соҳасида Европага "яшил" энергия экспорт қилиш лойиҳаси истиқболли деб топилди. Шунингдек, Каспий шельфидаги конларни биргаликда қидириш ва ўзлаштириш имкониятларини ўрганиш таклиф қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Озарбайжон ва Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошгани алоҳида қайд этилди. Шу муносабат билан барқарор савдо занжирларини ривожлантириш, улгуржи савдо марказларини ташкил этиш, фитосанитария талабларини унификация қилиш ва қўшма электрон платформаларни ишга тушириш бўйича комплекс ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Гуманитар лойиҳалар ҳам эътибордан четда қолмади. Давлат раҳбарлари туристлар оқимини кўпайтириш ва халқларимизнинг бой маданий меросини акс эттириш имконини берадиган туризм ва маданий алмашинувлар дастури ғоясини қўллаб-қувватладилар.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тайёрлаш ва ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича вазирларнинг мунтазам учрашувларини йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамизки, Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. 2 миллионгача аҳоли яшаши мумкин бўлган шаҳар қурилиши 2023 йилда бошланган бўлиб, дастлабки бинолар қуриб битказилган.

Изоҳлар мавжуд емас