Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ғарбий Европани қамраб олган аномал иссиқлик тўлқини янада кучайиб, ўнлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда, инфратузилма тизимларини фалажлаб, кундалик ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юбормоқда. Охирги маълумотларга кўра, кучли жазирама оқибатида биргина Франциянинг ўзида қурбонлар сони камида 50 кишига етди.
Мамлакатда сўнгги 80 йил ичидаги энг иссиқ кун қайд этилиб, жануби-ғарбдаги Писсос шаҳрида ҳарорат рекорд даражага — 44,3 даражагача кўтарилган. Биргина кеча Францияда камида 18 киши иссиқ сабаб вафот этганди. Шимоли-ғарбий Бретань минтақасида электр тармоқлари зўриқишга бардош беролмай, минглаб уйлар чироқсиз қолди. Ҳатто Парижда давом этаётган йиллик "Мода ҳафталиги" кун тартиби ҳам ўзгартирилиб, машҳур брендлар намойишларни салқинроқ бўлган эрталабки вақтга кўчиришга мажбур бўлди, Эйфель минораси ва Лувр музейи эса вақтлироқ ёпилган.
Буюк Британияда ҳам синоптиклар мамлакат тарихида иккинчи бор ўта хавфли иссиқликдан огоҳлантириш эълон қилишган; бу ерда юзлаб мактаблар ёпилган, темир йўл рельсларининг қизиб кетиши хавфи сабабли поездлар тезлиги пасайтирилган. Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рим, Милан ва Флоренция каби 16 та йирик шаҳарда энг юқори хавф даражасини эълон қилган бўлса, Швейцарияда маҳаллий ҳокимият қариялар жазирамадан жон сақлашлари учун кондиционерли кинотеатрларни бепул очиб қўйган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Европа бўйлаб ҳароратнинг меъёрдан 18 даражагача кўтарилишига Саҳрои кабирдан жуда иссиқ ҳаво оқимини тортиб келган ва бир жойда қулфланиб қолган "Омега блоки" номли ноёб атмосфера ҳодисаси сабаб бўлмоқда. Бу вазият 2003 йилда Европада 80 мингга яқин одамнинг умрига завол бўлган ҳалокатли иссиқлик тўлқинини ёдга солмоқда. Жазирама туфайли қитъадаги қурилиш ташкилотлари иш вақтини ўзгартирган бўлса, фермерлар ишчиларни қуёш уришидан ва ғалла майдонларини ёнғиндан асраш мақсадида ҳосилни тунги сменаларда йиғиб олишга киришишган.

Изоҳлар мавжуд емас