Загрузка
Загрузка
Ўзбекистон Халқаро электротехника комиссиясига тўлақонли аъзо бўлди
Иқтисод

Ўзбекистон Халқаро электротехника комиссиясига тўлақонли аъзо бўлди

5
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон халқаро стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида навбатдаги муҳим муваффақиятни қўлга киритди. Халқаро электротехника комиссиясининг (IEC) тегишли қарорига асосан, 2027 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланади. 

Аъзолик масаласи бўйича ўтказилган овоз бериш жараёнида ташкилотнинг 46 та тўлақонли аъзо давлати, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония ва Хитой каби йирик давлатлар Ўзбекистон номзодини бир овоздан қўллаб-кувватлаган. Шунингдек, жорий йилнинг август ойида IEC Бош котиби Филипп Метцгернинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳам режалаштирилган. 

Тўлақонли аъзолик мақоми Ўзбекистонга халқаро электротехника стандартларини ишлаб чиқиш жараёнларида бевосита иштирок этиш, Бош ассамблеяда овоз бериш ва халқаро стандартлаштириш сиёсатини шакллантиришда тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида қатнашиш имконини беради. Эндиликда маҳаллий мутахассислар ташкилотнинг барча техник қўмиталари фаолиятида тўлиқ иштирок этиб, янги стандартларни яратишда миллий саноат манфаатларини илгари суришлари ҳамда бошқарув органларидаги раҳбарлик лавозимларига ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин бўлади. 

Бундан ташқари, ушбу аъзолик туфайли маҳаллий синов лабораториялари томонидан берилган синов баённомалари ва сертификатлар бошқа аъзо давлатларда ҳам кенг тан олинади. Ушбу тарихий қарор миллий стандартларни халқаро талабларга уйғунлаштириш, маҳаллий электротехника маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқишини енгиллаштириш ва техник савдо тўсиқларини бартараф этишда катта аҳамиятга эга. 

Шу билан бирга, янги мақом мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилади. Энг муҳими, халқаро стандартлар асосида ишлайдиган замонавий саноат инфратузилмасининг яратилиши хорижий инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаб, Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтириладиган инвестициялар оқимини янада жадаллаштириш учун мустаҳкам замин бўлади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...