Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказдилар. Музокаралар якунида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик инвестиция битимлари портфели шакллантирилди ва 30 га яқин муҳим ҳужжат имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетган эди.
Айтилишича, сўнгги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатлар билан ўсган.
Ўзаро савдо 2,5 бараварга, қўшма лойиҳалар сони қарийб 3 бараварга кўпайди.
Келажакда савдо айланмасини яқин вақт ичида 2 миллиард долларга етказиш ва фармацевтика, тўқимачилик, тоғ-кон ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги лойиҳаларни ишга тушириш белгилаб олинди.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ташрифнинг марказий мавзуларидан бири бўлган. Томонлар транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда бизнес учун имтиёзли шароитлар яратишга келишиб олганлар.
Шунингдек, Покистон Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.
Ташриф доирасида халқлар ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида муҳим эълонлар ҳам қабул қилинган.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Исломободда Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғини барпо этиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Бу Покистон мустақиллиги байрамига ўзига хос совға бўлган.
Покистон томони Исломобод кўчаларидан бирига Тошкент номи берилганини маълум қилди.
Жорий йилда Ўзбекистонда икки давлатнинг биринчи Ҳудудлараро форуми ўтказиладиган бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонлари берилди. Ташриф якунида давлат раҳбари Покистон халқини яқинлашиб келаётган Рамазон ойи билан табриклади.

Изоҳлар мавжуд емас