Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Афғонистондан Ўзбекистонга олиб кирилган йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Дастлабки ҳолатда Афғонистондан мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан 25 килограмм 444 грамм опий ва 11 килограмм 86 грамм гашиш олиб кирилгани аниқланган. Тезкор кузатув натижасида мазкур гиёҳвандлик воситалари Самарқанд шаҳрига етказилганидан сўнг уларни қабул қилиб олиш вақтида 37 ва 29 ёшли икки нафар маҳаллий фуқаро ҳамда 33 ва 31 йилларда ёшли икки нафар хорижлик фуқаро қўлга олинган.
Яна бир тезкор тадбирда эса Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида икки нафар Афғонистон фуқароси 1 килограмм 76 грамм опий моддасини шартли харидорга 5 минг долларига сотиш вақтида ушланган.
Тергов давомида улар гиёҳвандлик воситаларини мамлакат ҳудудига яширин олиб кириш учун ўз ички аъзоларидан "жонли контейнер" сифатида фойдалангани маълум бўлди.
Шу тариқа, икки ҳолат бўйича жами 37 килограмм 606 грамм гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмадан олиб қўйилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг контрабанда ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мутасадди идоралар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ҳақида тегишли органларга зудлик билан хабар беришга чақирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас