Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидаги илк учрашув олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ва жамоа сардори Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда бўлажак тарихий баҳс ва жамоанинг мундиалдаги мақсадлари хусусида сўз юритилди.
Терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ушбу турнир Ўзбекистон учун тарихий воқеа эканини ва рақибларнинг даражаси юқорилигини таъкидлади:
"Бу биз учун илк Жаҳон чемпионати. Майдонда ўзимизнинг энг яхши фазилатларимизни ва ўзбек менталитетини намойиш этишга келганмиз. Колумбия ва Португалия каби кучли жамоаларга қарши эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиламиз. Биз рақибни яхши таҳлил қилдик ва ўз имкониятларимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз", — деди Каннаваро.
Жамоа сардори Элдор Шомуродов эса футболчиларда ҳеч қандай ортиқча босим йўқлиги ва таркиб муҳим баҳсга тўлиқ тайёр эканини билдирди:
"Жаҳон чемпионатида терма жамоа сардори сифатида қатнашиш мен учун катта ғурур. Эртага ижобий натижа қайд этишимизга умид қиламан ва халқимиздан бизни қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Бизда босим йўқ, жамоамиз ўйинга тўлиқ тайёр", — дея таъкидлади ҳужумчи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги ўз юришини эртага, 18 июнь куни Колумбия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди. Учрашув Тошкент вақти билан эрталаб соат 07:00 да старт олади.

Изоҳлар мавжуд емас