Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистоннинг Сўх туманидаги анклави аҳолисининг Қирғизистон ҳудуди орқали ҳеч қандай тўсиқсиз ҳаракатланиши, шунингдек озиқ-овқат, товарлар ва қурилиш материалларининг етказиб берилиши таъминланади.
Мухбиримиз хабар беришича, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Боткен вилояти губернатори Алишер Абдураҳмоновлар ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида бу борадаги келишувга эришилган. Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати маълум қилишича, учрашув Қирғизистон томонининг ташаббуси билан ўтказилган.
Раҳбарлар трансчегаравий сув ресурслари ҳамда яйловлардан бағрикенглик ва азалий дўстона муносабатларга асосланган ҳолда фойдаланилиб, бу амалдаги қонунчилик меъёрларини мустаҳкамлашига келишиб олганлар.
Алишер Абдураҳмонов ишонтириб айтганки, мамлакат ҳудудидан анклав Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмайди. Қолаверса, бу ҳудудларга озиқ-овқат, халқ истеъмоли ва қурилиш моллари етказувчи юк машиналарининг ҳаракатига асло чегара ўрнатилмайди.
Музокаралар чоғида вилоятлар раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган Сўх туманидаги кўнгилсизликлар Ўзбекистон ва Қирғизистон, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги дўстона муносабатларга асло путур етказмаслигини алоҳида қайд этишган.
Эслатиб ўтамизки, 31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасида можаро келиб чиқиб, унинг натижасида 187 нафар Ўзбекистон фуқаролари жабрланган. Қадамжой туманининг Чечме қишлоғи (Қирғизистон) ва Сўх анклавидаги Чашма қишлоғи (Ўзбекистон) аҳолиси “Чашма” булоғини тозалаш бўйича тортишув пайтида бир-бирларига тош отишган.
Эртаси куни икки мамлакат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жээнбеков телефон орқали суҳбат чоғида ушбу ҳодисани муҳокама қилиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кенг қамровли чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлашган.
Изоҳлар мавжуд емас