Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Болаларга нисбатан зўравонликни олдини олиш учун қонунларни кучайтиришнинг ўзи етарли эмас. Катталар боланинг хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришларга эътибор бериши, унинг гапларини жиддий қабул қилиши ва ёрдам сўраётганини ўз вақтида англаши керак. Жиноят ишларини кўриб чиқиш тажрибаси шуни кўрсатадики, баъзан боланинг огоҳлантирувчи сигнали катталарнинг ишончи ва эътиборсизлиги туфайли сезилмай қолади. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбирига Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди раисининг ўринбосари Исмоилова маълум қилди.
У болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, ота-оналар ва таълим муассасалари масъулияти ҳамда жамиятнинг бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги ҳақида фикр билдирди ва қўйидагиларни маълум қилди:
Бола ёрдам сўраётганини ҳар доим ҳам очиқ айта олмайди
Судья кўриб чиққан жиноят ишларидан бирида кичик ёшдаги қиз бир неча йил давомида ўқитувчиси томонидан жинсий зўравонликка учраган. Эркак болаларнинг ишончини қозониб, ўзини ғамхўр педагог сифатида кўрсатган.
Қизлардан бири онасига ўқитувчининг унга "Қизим бўласанми?" деб мурожаат қилиши ва ўпиши ҳақида айтган. Аммо она буни хавотирли ҳолат сифатида баҳоламаган. У ўқитувчининг бундай хатти-ҳаракатини оталарча меҳр-муҳаббат деб тушунган ва фарзандига хавф туғилиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган.
Кейинчалик судда она бу ҳолатни вақтида англамаганидан афсусланган.
Бу воқеа болаларнинг ҳар бир сўзи ва хатти-ҳаракатларига эътиборли бўлиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Бола катталар каби ўз ҳиссиётларини ифодалай олмаслиги, унга нима ёқмаётганини ёки нимадан қўрқаётганини аниқ тушунтиришга қийналиши мумкин. Шунинг учун унинг гапларини эшитиш, саволларига жиддий қараш ва хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришларни пайқаш зарур.
Мутахассиснинг яхши обрўси ёки кўп йиллик иш тажрибаси ҳам болага нисбатан шубҳали хатти-ҳаракатларни эътиборсиз қолдириш учун асос бўла олмайди.
Болани ҳимоя қилиш оиладан бошланади
Бола ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун ота-онаси билан ишончли муносабатда бўлиши керак. Агар у бошига тушган ҳолат ҳақида гапирса, уни айблаш, уялтириш ёки жазолашдан қўрқмаслиги лозим.
Баъзан болалар катталарнинг муносабатидан қўрқиб, ўз муаммоларини яширади. Улар телефондан маҳрум бўлишдан, эркинлиги чекланишидан ёки гапларига ишонишмаслигидан хавотир олиши мумкин. Шу боис ота-оналар нафақат фарзандини назорат қилиши, балки унинг дардини бемалол айта оладиган муҳит яратиши ҳам муҳим.
Бола кимдир унинг шахсий чегараларини бузганида, ноўрин гаплар айтганида ёки унга озор берганида бу ҳақда ишончли катталарга айтиш мумкинлигини билиши керак. Энг муҳими, у гапирса, унга ишонишлари ва ёрдам беришларига ишонч ҳосил қилиши зарур.
Таълим муассасалари масъулияти
Болалар билан ишлайдиган ўқитувчи, тарбиячи, мураббий ва бошқа мутахассислар нафақат ўз вазифасини бажариши, балки боланинг хавфсизлиги учун ҳам масъулиятни ҳис қилиши лозим.
Таълим муассасалари раҳбарлари ходимларни танлашда масъулиятли бўлиши, болалар билан муносабатлардаги хавотирли белгиларни эътиборсиз қолдирмаслиги ва зарур ҳолларда ўз ваколати доирасида чора кўриши керак.
Болаларга шахсий чегаралар, катталарнинг қайси хатти-ҳаракатлари мақбул эмаслиги, хавф туғилганда кимга мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида ёшларига мос тарзда тушунтириш ҳам муҳим. Бунда ўғил-қизларнинг барчаси ўз фикрини билдириш ва ноқулай вазиятдан воз кечиш ҳуқуқига эга эканини билиши керак.
Қонунчиликда қандай чоралар белгиланмоқда?
Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳам кўрилмоқда.
Муаллиф келтирган маълумотларга кўра, 2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясида жабрланган болаларни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар тайёрлаш ва айрим тоифадаги ходимларнинг аниқланган зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаслиги учун жавобгарликни кучайтириш чоралари назарда тутилган.
Шунингдек, 2026 йил 14 октябрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонунга мувофиқ, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган айрим жинсий жиноятлар учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси белгиланиши, тегишли жиноятлар бўйича эса жавобгарликка тортиш муддатлари бекор қилиниши ҳақида расмий маълумот берилган.
Бироқ болаларни ҳимоя қилиш фақат жазони кучайтириш билан чекланмаслиги керак. Зўравонлик ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш, жабрланган болаларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда жамиятда бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳам муҳим.
Бефарқлик ҳам муаммонинг бир қисми
Болаларга нисбатан зўравонлик — фақат бир оиланинг муаммоси эмас. У жамиятнинг хавфсизлиги, инсон қадр-қиммати ва келажак авлоднинг соғлом камол топиши билан боғлиқ масаладир.
Бола ғайриоддий хатти-ҳаракатлар кўрсата бошласа, муайян одамдан қўрқса ёки ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтса, бу белгиларни шунчаки инжиқлик деб баҳолаш тўғри эмас. Ҳар бир ҳолатга эҳтиёткорлик билан ёндашиш, болани тинглаш ва зарур бўлса, тегишли мутахассислар ёрдамига мурожаат қилиш керак.
Баъзан катталар бошқа оиланинг ишига аралашмасликни маъқул кўради. Аммо бола ёрдамга муҳтож бўлган вазиятда бундай бефарқлик уни ҳимоясиз қолдириши мумкин.
Болаларни ҳимоя қилиш — ота-оналар, таълим муассасалари, давлат идоралари ва бутун жамиятнинг умумий вазифаси. Зўравонликнинг олдини олиш учун нафақат қонунларга, балки болаларнинг овозини эшитишга, уларнинг ишончини асрашга ва хавотирли белгиларга бефарқ бўлмасликка ҳам эҳтиёж бор.

Изоҳлар мавжуд емас