Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида кўп қаватли уйнинг кириш йўлагига ўрнатилган юзни таниб олувчи кузатув камерасини қасддан синдирган уч нафар йигит аниқланди.
Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилган.
Маълум қилинишича, тун маҳали содир бўлган воқеада гумон қилинганларнинг икки нафари 19 ва 20 ёшли йигитлар бўлса, учинчиси вояга етмаган шахс ҳисобланади.
Профилактика инспектори томонидан ўтказилган текширув давомида йигитлардан икки нафари спиртли ичкилик таъсирида бўлгани аниқланган.
Камерани синдирган йигит ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, ҳаммадан кечирим сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг қарори билан икки нафар йигитга 3 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, вояга етмаган учинчи шахсни махсус назоратга олиш масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга тақдимнома киритилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик моддалари савдосига жалб қилинган ўсмирлар ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас