Загрузка
Загрузка
Жанубий Кореяда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик 16 йилдан сўнг озод этилди
Ҳодисалар

Жанубий Кореяда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик 16 йилдан сўнг озод этилди

47
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореяда 2009 йилда такси ҳайдовчисини ўлдиришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ўзбекистон фуқароси Акмал Бозоров иши қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Чангвон туман суди полиция терговида жиддий қонунбузилишлар бўлганини қайд этиб, унинг ишини қайта кўриб чиқишга рухсат берди. Суд қарори билан жазо ижроси тўхтатилганидан сўнг у 16 йилдан ортиқ вақт ўтказган қамоқхонадан озод қилинди. 

The Korea Times нашрининг хабар беришича, 37 ёшли Бозоров 15 октябрь куни Чангвон қамоқхонасидан чиқарилган. Уни қамоқхона ташқарисида кутиб турган отаси билан учрашуви ҳиссиётларга бой бўлган. 

Бозоров дастлабки тергов вақтида айбини тан олган, бироқ кейинчалик бу иқрор полиция ходимларининг зўравонлиги ва қонунга хилоф тергов усуллари натижасида олинганини билдирган. 

У 2009 йил июль ойидаги такси талончилигида иштирок этганини тан олган, аммо ўша йил март ойида такси ҳайдовчисининг ўлдирилишига алоқаси йўқлигини айтган. Шунга қарамай, у қотиллик иши бўйича судланган ва 2010 йил апрель ойида Олий суд умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирган. 

Иш 2009 йил 24 март куни Жанубий Кёнсан вилоятининг Чангвон шаҳрида 50 ёшлар атрофидаги такси ҳайдовчиси жасади топилганидан бошланган. Полиция шу йилнинг июль ойида бошқа такси талончилиги иши бўйича Бозоров ва яна икки кишини ҳибсга олган. Кейинчалик Бозоров март ойидаги қотилликнинг асосий гумондори сифатида кўрсатилган. 

Суд тергов олиб борган полиция ходимлари ўз ваколатларини суиистеъмол қилгани ва Бозоровнинг ҳуқуқларини бузганини қайд этган. Қарорга кўра, терговчилар унга воқеа жойидан ДНКси топилгани ҳақида ёлғон маълумот берган, шунингдек, вафот этган жабрланувчи ҳали тирик эканини айтиб, ундан иқрор олишга уринган. Корейс тилини яхши билмаганига қарамай, унга таржимон ҳам тақдим этилмаган. 

Ҳимоячи Пак Жун Ён ишни қайта кўриб чиқиш учун янги далилларни тақдим этган. Улар орасида гумон қилинаётган қурол сотилган дўкон ҳақидаги сохталаштирилган бўлиши мумкин бўлган полиция ҳисоботи ҳам бор. Адвокат, шунингдек, такси ҳисоблагичида қайд этилган масофа билан полиция аниқлаган йўналиш ўртасида олти километрлик фарқ борлигига эътибор қаратган. 

Суд қонунга хилоф тергов ишни қайта очиш учун етарли асос эканини билдириб, янги далиллар қайта кўриб чиқиш жараёнида баҳоланиши кераклигини таъкидлаган. Бозоровнинг адвокати эса дастлабки иқрордаги кўплаб зиддиятлар объектив ва илмий далилларга мос келмаслигини айтган. 

Бозоров 2015 йил июль ойида ҳам ишни қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган, аммо унинг илтимоси рад этилган. У 2025 йил 2 январь куни адвокат орқали Чангвон судига яна ариза киритган. 

Бозоров суддаги кейинги жараёнларда ҳақиқатни очиқ айтишини билдирган. У шу билан бирга, жабрланувчининг оиласига етказилиши мумкин бўлган азоб-уқубат учун ҳам афсусда эканини айтган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...