Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЯА. 2020 йил 3-январдан 23-январгача Нукус шаҳрида “Қорақалпоғистон Ҳудудгаз” бўлими ходимлари Мажбурий ижро бюросининг тезкор гуруҳи билан биргаликда истеъмолчилар ўртасида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш, ўғирликларни аниқлаш ва газ таъминоти тизимидаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган текширувлар ўтказилган. Бу ҳақида “Ҳудудгазтаъминот” матбуот-хизматига ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Биргаликдаги тадбирлар натижасида газни ўғирлаш ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ 22 та ҳолат аниқланган. Шу жумладан, қоидабузарлар орасида 20та юридик ва 2та жисмоний шахсларнинг борлиги маълум бўлган.
“Ҳудудгазтаъминот”нинг расмий баёнотида айтилишича: "Иш натижаларига кўра қўшма гуруҳ томонидан олтита ҳолат бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилган. Хусусан, 9,6 минг кубометрдан зиёд “мовий ёқилғи” учун қўшимча равишда 6,3 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. Қолган ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан ўрганилмоқда ".
Шунингдек ахборотда қайд этишича, “Ҳудудгазтаминот” таркибий бўлинмалари ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси мутахассислари томонидан газ таъминоти тизимидаги қоидабузарликларнинг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас