Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳусан Ниғматов 2014 йилда 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган, бироқ 2026 йил январда Олий суд уни оқлаган. Кейинчалик судлар унга етказилган моддий ва маънавий зарар учун жами 941,7 миллион сўм ундиришга қарор қилган. Энди у божхона инспектори лавозимига тикланадиган бўлди.
Ҳусан Ниғматов 2009 йил майидан 2013 йил февраль ойигача божхона органларида турли лавозимларда ишлаган. У Тошкент вилояти божхона бошқармасининг "Навоий" чегара божхона постида юкларни божхона кўригидан ўтказиш, рўйхатга олиш ва расмийлаштириш гуруҳи инспектори бўлган.
2014 йил 19 ноябрдаги суд ҳукми билан у бир нечта жиноятда айбдор деб топилиб, 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Ниғматов жазони 2017 йил 7 декабрга қадар ўтаган. У ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, ҳимоячиси билан бирга Олий судга мурожаат қилган.
2026 йил 15 январда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанцияси 2014 йилги ҳукм ва 2016 йилги апелляция ажримини Ниғматовга тегишли қисмида бекор қилиб, уни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқлаган.
Судлар унга жами 941,7 миллион сўм ундириб беришга қарор қилган. Жумладан, Тошкент вилояти судининг 2026 йил 10 июндаги ажрими билан 576,3 миллион сўм иш ҳақи ва аввал давлат эгалигига ўтказилган 15,4 миллион сўмни қайтариш белгиланган. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди эса 2026 йил 12 майдаги қарори билан қонунга хилоф ҳукм туфайли етказилган маънавий зарар учун 350 миллион сўм ундиришга қарор қилган.
Шундан сўнг Ниғматов аввалги ишига тиклашни сўраб Божхона қўмитасига мурожаат қилган. Бироқ қўмита 2026 йил 24 февралдаги жавобида унинг мурожаатини рад этиб, судга даъво киритиш ҳуқуқини тушунтирган.
Собиқ инспектор фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига мурожаат қилиб, 2014 йил 16 январдаги ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг ўзига тегишли қисмини ноқонуний деб топишни, ишга тиклашни ва мажбурий ишламаган даврини меҳнат стажига қўшишни сўраган.
Суд Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддаси ҳамда Меҳнат кодексининг 561-моддасида белгиланган нормаларга таяниб, даъвони қаноатлантирган. Қарорга кўра, Ниғматов аввалги инспекторлик лавозимига ёки унга тенг бошқа лавозимга тикланади. Ишдан бўшатилган кундан ишга тиклангунига қадар бўлган давр ҳам ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.
Шу тариқа, қарийб 12 йил давом этган жараёндан сўнг Ҳусан Ниғматов оқланиб, етказилган зарарни қоплаш ва ишга тикланиш бўйича суд қарорларига эришди.

Изоҳлар мавжуд емас