Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилоятида 28 сентябрдан бошлаб оғир ва даволаб бўлмайдиган хасталикларга чалинган болалар учун мамлакатда илк бор мобил паллиатив хизмати йўлга қўйилди. Ҳозирда ҳудудда шундай ёрдамга муҳтож бўлган 300 нафардан ортиқ бола аниқланган.
Паллиатив хизматнинг мобил бригадаси таркибига шифокорлар, ижтимоий ходимлар ва психологлар киритилган.
Уларнинг асосий вазифаси бемор болаларга уй шароитида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, оғриқ ҳамда касаллик аломатларини енгиллаштириш ва ота-оналарга парваришлаш кўникмаларини ўргатишдан иборат.
Бундан ташқари, "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ҳар бир бола учун алоҳида кейс очиб, уларни функционал каравотлар, мослаштирилган ногиронлар аравачалари ва бошқа зарур реабилитация воситалари билан таъминлайди.
"Биз боланинг ташхисини ўзгартиришга ожизмиз, аммо унинг ҳар бир кунини ўзгартириш ўз қўлимизда. Биз, энг аввало, ташхисни эмас, боланинг ўзини — унинг хоҳиш-истаклари, орзулари ва жамиятимизнинг ажралмас қисми бўлиш ҳуқуқини кўра билишимиз лозим", — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.
Маълумот учун, ҳозирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болалар хосписининг қурилиши ҳам давом эттирилмоқда.
Жорий этилган мобил хизмат ва барпо этилаётган хоспис келажакда оғир хасталикка чалинган болалар ҳамда уларнинг оилаларини қўллаб-қувватловчи яхлит паллиатив ёрдам тизимини ташкил этади.
Олдинроқ 2024 йилнинг охиригача вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларида онкология ва бошқа касалликларга чалинганларга паллиатив ёрдам кўрсатадиган хоспислар бўлиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас