Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган мактаб ўқувчисини автомобиль уриб юборгани акс этган видео тарқалди. Қизалоқнинг отаси ҳайдовчи фарзандини урганидан кейин тўхтамасдан кетиб қолганини билдириб, масъул идоралардан ҳолатни ўрганиш ва қонуний чора кўришни сўраган. Бироқ Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчи ҳодиса жойини тарк этмаганини маълум қилди.
Расмий маълумотга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 2026 йил 13 октябрь куни соат 12:30 ларда Андижон шаҳридаги Шабнам кўчасида, 56-сонли умумий ўрта таълим мактаби қаршисида содир бўлган. 69 ёшли фуқаро Chery Tiggo 8 Pro русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган ўқувчини уриб юборган.
Тарқалган видеода қизалоқ зарбадан кейин ерга йиқилиб, бироздан сўнг ўрнидан тургани кўринади. Қизалоқнинг отаси эса ҳайдовчи тўхтамасдан кетганини билдирган. ЙҲХБ маълумотига кўра, ҳайдовчи бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаслик мақсадида автомашинани хавфсиз жойга тўхтатган.
Йўл-патруль хизмати ходими етиб келгач, ҳайдовчи билан бирга жабрланган ўқувчи биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун Андижон шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб борилган. Кейинчалик автомобиль белгиланган тартибда жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари суриштирув олиб бормоқда. Идора фуқароларни ижтимоий тармоқларда маълумот тарқатишдан олдин унинг ҳаққонийлигини текширишга чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас