Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзэнергоинспекция энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 2 795 та ҳолатни аниқлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида давлат манфаатларига жами 825,3 миллиард сўм зарар етказилган.
Инспекция маълумотларига кўра, аниқланган ҳолатларнинг 435,1 миллиард сўми электр энергияси, 390,2 миллиард сўми эса табиий газ билан боғлиқ. Шунингдек, истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузгани бўйича 4 196 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Нефть маҳсулотлари сифати устидан ўтказилган назорат тадбирларида ҳам қоидабузарликлар аниқланган. Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва корхоналардан олинган намуналар таҳлили натижасида 308 та ҳолатда жами 7 435 тонна нефть маҳсулотининг сифат талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган. Ушбу маҳсулотларнинг сотувга чиқарилиши олди олинган.
Шу билан бирга, инспекция тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини тиклаш бўйича ҳам чоралар кўрган. Ҳисоб-китоблардаги камчилик ва хатоларни бартараф этиш доирасида 199 та тадбиркорлик субъектига электр энергияси учун ортиқча ҳисобланган 3 миллиард 632 миллион сўм ҳамда табиий газ учун 12 миллиард 84 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Натижада тадбиркорларга ортиқча ҳисобланган тўловлар қайта кўриб чиқилиб, истеъмолчиларнинг манфаатлари тикланган.

Изоҳлар мавжуд емас