Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Икки нафар собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент тўлашдан бўйин товлаб келган қарздор пойтахтдаги машҳур спа-салонлардан бирида аниқланди ва қидирув ходимлари томонидан ушланди. У муқаддам маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.
Мажбурий ижро бюросининг ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатовнинг Batafsil.uz мухбирига берган маълумотига кўра, Учтепа туманлараро суди қарорлари асосида фуқарога нисбатан икки нафар фарзанд учун алимент тўлаш мажбурияти юклатилган. Бироқ у 2025 йил феврал ойидан бошлаб тўловларни амалга оширмай келган.
Шу сабабли давлат ижрочилари томонидан 2026 йил 21 январда унга нисбатан расман қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор чоралар натижасида у 2026 йил 7 апрель куни Тошкент шаҳридаги спа-салонлардан бирида аниқланиб, ушланган.
Ижро ҳужжатларига кўра, қарздорлик миқдори 19,7 милион сўмни ташкил этган бўлиб, кейинчалик унинг яқинлари томонидан тўлиқ қоплаб берилган. Суд қарорига асосан эса отага нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Олдинроқ Фарғона вилоятида фуқаро ўз фарзанди вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган 1 миллиард 24 миллион сўм миқдоридаги алимент пулини тўлиқ тўлаганди. Бу кўрсаткич 2026 йил ҳисобидан алимент тўловлари бўйича ўзига хос рекорд натижа сифатида қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас