Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. “Андижон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ва унинг икки нафар ходими ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Божхоначиларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги лавҳа “Ўзбекистон-24” телеканалида намойиш этилган.
Жорий йилнинг март ойида Андижон вилоятидаги Дўстлик божхона постида юк машинаси текширувдан ўтказилиб, ундаги ҳужжатларга кўра, 5700 долларлик товарлар олиб ўтилаётган бўлган. Автомобил юклари божхоначиларда шубҳа уйғотган ва қўшимча текшириш учун машина "Андижон" ташқи иқтисодий фаолият божхона постига жўнатилган.
Энг қизиғи шунда бошланган. Юк текширилмасдан, бор-йўғи 30-40 дақиқадан сўнг божхона постининг омборидан чиқиб кетган. Бу ҳолат коррупционерларга қўл келиши мумкин эди, аммо бу занжир Давлат божхона қўмитасининг ички хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилиниб турилган.
Тезкор ходимлар юкни Андижондаги маҳаллалардан бирида тўхтатишган. Автомобиль омборга қайтарилиб, уни текшириш пайтида декларация қилинмаган 31 турдаги молларнинг мавжудлиги аниқланган. Жами декларация қилинмаган юк 5,5 миллирад сўмга баҳоланган. Бу кийим, косметика ва поябзал маҳсулотлари бўлган. Агарда ҳамма нарса тўғри расмийлаштирилганида эди, бож тўлови 1,9 млрд. сўмни ташкил этарди.
Изоҳлар мавжуд емас