Загрузка
Загрузка
Андижонда 1 миллион долларлик "Мефедрон" ишлаб чиқарувчи нарколаборатория фош этилди
Ҳодисалар

Андижонда 1 миллион долларлик "Мефедрон" ишлаб чиқарувчи нарколаборатория фош этилди

29
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Андижон шаҳрида йирик миқдордаги синтетик наркотик моддалар тайёрланаётган яширин лаборатория фаолиятига чек қўйилди. Операция давомида қора бозордаги нархи қарийб 1 миллион долларга тенг бўлган гиёҳвандлик воситалари ва хом ашёлар мусодара қилинди. 

Дастлаб, махсус хизматлар Telegram мессенжеридаги наркодўкон кураторлари томонидан яширилган прекурсорларни кузатиш орқали жиноят изига тушган.  Тезкор тадбир давомида Андижон шаҳрида яшовчи, 24 ёшли икки нафар фуқаро кимёвий моддаларни олаётган вақтда қўлга олинган. Маълум бўлишича, улар "Боғишамол" маҳалласидаги дала ҳовлида замонавий лаборатория жиҳозлари билан жиҳозланган синтетик наркотик ишлаб чиқариш марказини ташкил қилишган. 

Тинтув давомида 26 килограмм "Мефедрон" синтетик наркотик моддаси, катта миқдордаги прекурсорлар ва кимёвий моддалар, махсус лаборатория жиҳозлари, респираторлар, контейнерлар ва ҳимоя воситалари, Чирчиқ шаҳридаги ижарага олинган омборда яширилган 400 литр прекурсорлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. 

Тергов давомида аниқланишича, жиноятчилардан бири лаборатория учун мўлжалланган дала ҳовлини интернетдаги "куратори" юборган 15,8 минг доллар эвазига сотиб олган ва жиҳозлаш учун қўшимча 5 минг доллар сарфлаган. Жорий йилнинг январь ойида улар 11,7 килограмм тайёр маҳсулотни яширин жойларга жойлаштириб, локацияларини "хўжайинига" юборишга улгуришган. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Яна бир воқеада айнан Андижон шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро ўз хонадонида ноқонуний нарколаборатория ташкил этгани учун ДХХ ва ИИОнинг қўшма тезкор тадбири давомида қўлга олинган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...